Ногиронлиги бўлган шахслар таълимнинг барча босқичларида ўқиш ва бутун умри давомида билим ҳамда касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳуқуқига эга. Таълим олишда уларнинг эҳтиёжларига мос шароит яратилиши муҳим.

Ногиронлиги бўлган болалар мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланиши мумкин. Умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим одатдаги таълим ташкилотларида, зарурат бўлганда эса ихтисослаштирилган муассасаларда ташкил этилади. Қўшимча таълим, жумладан санъат, спорт ва ижодий машғулотларда иштирок этиш имконияти ҳам назарда тутилган.

Таълим жараёнида маълумотни қулай шаклда етказиш алоҳида аҳамиятга эга. Эҳтиёжга қараб Брайль алифбосидаги ёки овозли материаллар, имо-ишора тилига таржима ва бошқа мос воситалардан фойдаланилади. Даволаш ёки реабилитация муассасасида бўлган болалар учун ҳам ўқув машғулотлари ташкил этилиши мумкин.

Олий таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун давлат гранти асосида қўшимча 2 фоизлик қабул квотаси ажратилади. Ушбу квотага қабул кириш имтиҳонлари натижасига кўра амалга оширилади. Квота доирасида ўта олмаган абитуриент тўплаган бали билан умумий танловда ҳам қатнашади.

Ҳуқуқий асос: «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун, 38–41-моддалар — Lex.uz.