Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини, шу жумладан оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида маслаҳат марказлари ташкил этишга ҳақли.
Маслаҳат марказлари юридик шахс бўлмайди. Маслаҳат марказлари фаолияти билан боғлиқ харажатлар фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланиши мумкин.
Давлат органлари маслаҳат марказлари фаолиятини ташкил этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўмаклашади, маслаҳат марказлари ўз вазифаларини амалга ошириши учун фуқаролар йиғинларига белгиланган тартибда бинолар беради. Тегишли ҳудудда жойлашган таълим муассасалари фуқаролар йиғини сўровига биноан маслаҳат марказларига қисқа муддатли курсларни ўтказиш учун ўқув жараёнларидан бўш бўлган ўқув хоналарини бериб туриши мумкин.
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар вакиллари, шунингдек фуқаролар маслаҳат марказларининг ишида қатнашиши, хусусан, қисқа муддатли курсларда таълим бериши, тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатлар бериши мумкин.
- Маслаҳат марказлари қонунчиликка мувофиқ бошқа фаолиятни ҳам амалга ошириши мумкин.
- Маслаҳат маркази тўғрисидаги низом фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланади.