“Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузуридаги “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (21-сон,19.01.2023 й.) қабул қилинди

2023 йил 1 июндан ёши 18 дан кичик ва 30 дан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этилади.

Мазкур гуруҳларнинг асосий вазифаларидан бири ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган қизларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни аниқлашда кўмаклашиш ҳисобланади. 

Гуруҳлар республиканинг барча туман (шаҳар)ларида 2 нафардан (криминоген вазият оғир бўлган туман (шаҳар)ларда 3 нафардан) ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида шакллантирилади. 

Гуруҳ аъзолари 1 йил давомида ўқиш ва иш жараёнига салбий таъсир этмаган ҳолда умумий 360 соат вақт мобайнида фаолият олиб боради.

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига ва хотин- қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшган “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари аъзоларига Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғининг тавсияномасига асосан ҳуқуқ-тартибот органларининг ОТМга  саралашнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтганидан сўнг якка тартибдаги суҳбатсиз (тест синовларисиз) квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади. 

Тавсиянома берилган номзодлар сони белгиланган квотадан кўп бўлган тақдирда, уларни ўқишга қабул қилиш танлов натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб, ажратилган қабул квоталари доирасида кетма-кетлик тартибида тақсимланган ҳолда амалга оширилади.