Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан белгиланган схемага мувофиқ берилади.

Қуйидагилар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади:
  • тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;
  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
  • тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
  • давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ва ташкилотлар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлгач тегишли шаклдаги хабарномани дарҳол ички ишлар органларига тақдим этади.

Профилактика инспектори ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқади.

Ҳимоя ордери 1 йил муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.

Ҳимоя ордери амал қилиши даврида хавф бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра 1 йилгача муддатга жиноят ишлари бўйича суд томонидан узайтирилиши мумкин.

Ҳимоя ордерининг амал қилиши қуйидаги ҳолатларда тугатилади:
  • жабрланувчи ҳимоя ордерини тугатишни сўраб мурожаат қилганда;
  • ҳимоя ордерида белгиланган муддат (узайтирилган муддат) тугаганда;
  • жабрланувчи ёки зўравонлик содир этган шахсдан бири суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
  • содир этган жинояти учун жабрланувчи ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бирига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланганда;
  • жабрланувчилар ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бири содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этилганда;
  • жабрланувчилар ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бири мажбурий даволанишга юборилганда;
  • жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларнинг бири қонун хужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойидан узоқ муддатга бошқа мамлакатга чиқиб кетганда;
  • жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслардан бири вафот этганда.

Ҳимоя ордерини бериш фаолияти устидан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари томонидан мониторинг олиб борилади.