«Ёшлар дафтари» ёшларнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини аниқлаш, билим ва касб ўрганиш ҳамда қўллаб-қувватлаш чораларини ташкил этиш тизимидир. Унга яшаш ёки турган жойи бўйича 14 ёшга тўлган, лекин 31 ёшга тўлмаган ёшлар киритилади. 16 ёшгача бўлган шахс номидан ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс мурожаат қилади.

Кимлар мурожаат қилиши мумкин?

Амалдаги тартибга кўра, «Ёшлар дафтари»га:

  • Ижтимоий реестрга киритилган оиланинг 14–30 ёшдаги аъзоси;
  • оила аъзосига тўғри келадиган ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган, даволаниш харажатларини қоплаш ёрдамига муҳтож 14–30 ёшдаги шахс киритилиши мумкин.

Иккинчи ҳолат фақат белгиланган тиббий ёрдам турига тегишли. Ёрдамнинг ҳар бир тури учун қўшимча талаблар бор.

Қандай мурожаат қилинади?

Аризада «Ёшлар дафтари»га киритиш билан бирга қайси ёрдам тури сўралаётгани ва унинг миқдори кўрсатилади. Мурожаатни исталган давлат хизматлари маркази, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Ёшлар ягона электрон платформаси орқали юбориш мумкин. Танланган ёрдам турига тегишли ариза шакли тўлдирилади ва унда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.

Ёшлар етакчиси мурожаатни кўриб чиқиш учун юборади. «Маҳалла еттилиги» ариза ва ҳужжатларни беш иш куни ичида ўрганиб, дафтарга киритиш ва сўралган ёрдамни ажратиш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Натижа ҳақида ариза берувчига хабар берилади; рад этилса, сабаби кўрсатилади.

Муҳим: «Ёшлар дафтари»га киришнинг ўзи ҳар қандай ёрдам автоматик ажратилади дегани эмас. Мурожаатда аниқ ёрдам турини танлаш ва шу ёрдам шартларига мувофиқ бўлиш керак.

Ҳуқуқий асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги 312-сон қарори.