- Таълим, илм-фан, спорт ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
- узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, хотин-қизлар ва эркакларни бутун умр давомида ўқишга бўлган имкониятларини рағбатлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш;
- хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган дастурий ишланмаларини, инновацион ғояларини, ихтирочилик, рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
- замонавий педагогик технологиялар ва услубларни ҳисобга олган ҳолда мактабгача таълим, умумий ўрта, ўрта махсус, олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларига гендер мавзусини жорий этиш орқали фуқароларнинг гендерга оид саводхонлигини юксалтириш;
- эҳтиёжи юқори бўлган соҳаларда маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларига ўқишга ва малака оширишга хотин-қизларни жалб қилиш;
- мавжуд ва келажакда яратиладиган мактаб дарсликлари, ўқув-услубий материаллар ва бошқа нашрларнинг жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик принципига мувофиқ гендер экспертизадан ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож, нотинч оилалардан бўлган хотин-қизларни таълим олишига кўмаклашиш ва уларни касбга йўналтириш;
- мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда эркаклар улуши кам бўлган бошқа соҳаларга аёллар билан тенг равишда эркакларни жалб қилишга доир фаолиятни қўллаб-қувватлаш;
- хотин-қизлар ва эркакларнинг оилани режалаштириш борасидаги тиббий маданиятини ошириш, зарур ахборот ва хизматларга эркин ҳамда тенг равишда эга бўлишини таъминлаш, оилани режалаштиришда уларнинг шахсий ҳаётига учинчи шахсларнинг аралашишига йўл қўймасликни қўллаб-қувватлаш;
- ҳудудларда, айниқса қишлоқ жойларида хотин-қизлар ва эркакларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини юксалтириш;
- ижтимоий аҳамиятли ва юқумли касалликларга дучор бўлган беморларни қўллаб-қувватлаш;
- таълим, илм-фан, спорт ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги тафовутларни таҳлил қилиш, бу борада илмий, амалий ҳамда фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;
- хотин-қизлар ва эркакларнинг тиббий маданиятини ошириш, уларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларни олдини олиш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишларнинг олдини олишда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш.