Фуқаролик иши - ишда иштирок этувчи шахслар, фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари судга тақдим этган ёки суд томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар ва суд ҳужжатлари асосида суд томонидан шакллантирилади.
- Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.
- Электрон шаклда шакллантирилган фуқаролик ишининг қоғоздаги кўчирма нусхаси бўлиши мумкин.
Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар ва фуқаролик суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари судга тақдим этган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.
- Фуқаролик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, суд ҳужжатлари судьянинг (судьяларнинг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, суд мажлисларининг ҳамда процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
- Электрон шаклда шакллантирилган фуқаролик ишини бошқа судга ёки ўзга органга ўтказиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.
- Суд кўрилаётган ва ҳал этилаётган масала бўйича ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва буйруқ қабул қилади.
- Биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади, айрим ҳолларда эса суд буйруғи қабул қилади.
- Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.
- Суд қонунда ўзининг ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш натижалари бўйича қарор чиқаради.
- Суд иш мазмунан ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.