Яйловлар - чорва моллари учун озуқа бўлган ўсимликларнинг табиий қопламига эга ерлардир.
- Яйловлар умуммиллий бойлик бўлиб, давлат томонидан муҳофаза қилинади.
- Яйловлар чўлдаги, ярим чўлдаги, тоғ олдидаги, тоғдаги ва текисликдаги, сув билан таъминланган ҳамда сув билан таъминланмаган яйловларга ажратилади.
- Тоғдаги яйловлар мавсумий бўлиб, улардан йилнинг фақат муайян вақтида фойдаланилади.
Юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларини доимий эгалик қилишга, ижарага, шу жумладан иккиламчи ижарага, шунингдек вақтинча фойдаланишга олиш йўли билан яйловлардан фойдаланиши мумкин.
Яйловлар доимий эгалик қилишга, ижарага ва вақтинча фойдаланишга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра берилиши мумкин.
Яйловлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари:
Яйловлардан фойдаланувчилар:
- яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларга мувофиқ чорва молларини ўтлатиш ва пичан ўриш;
- яйлов инфратузилмасини барпо этишга доир ишларни амалга ошириш;
- яйловлардан фойдаланувчилар бирлашмасини тузиш ҳуқуқига эга.
Яйловлардан фойдаланувчилар:
- яйловлардан уларнинг белгиланган мақсадига кўра оқилона фойдаланиши;
- яйлов ўсимликларини такрор кўпайтиришга кўмаклашишга, ўсимлик қопламини тиклашга, шунингдек яйловларнинг таназзулга учрашига йўл қўймасликка доир чора-тадбирларни амалга ошириши;
- яйловлар алмашинишини ташкил этиши ва унга риоя қилиши;
- яйловларда ёнғинларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар кўриши, ёнғин ўчоқларининг ўз вақтида тугатилишини таъминлаши;
- яйлов ўсимликлари зараркунандаларига ва касалликларига қарши курашиш тадбирларини амалга ошириши;
- яйловларни сақлаб қолишга қаратилган белгиланган қоидалар, нормалар ва нормативларга риоя этиши шарт.
- Яйловлардан фойдаланганлик учун ҳақ ер солиғи ёки ижара ҳақи тарзида ундирилади.
Яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тугатилади:
- юридик шахс тугатилганда;
- жисмоний шахс вафот этганда;
- яйловлар берилган муддат тугаганда;
- бошқа мақсадда фойдаланилганда;
- оқилона фойдаланилмаганда;
- яйлов ерлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда;
- яйловлардан фойдаланишдан ихтиёрий равишда воз кечилганда.
- Юридик ва жисмоний шахслар яйловларни ифлослантирганлик, улардан оқилона фойдаланмаганлик, уларнинг таназзулга учраганлиги ва яйловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузганлик натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.