Махсус иқтисодий зона — тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун чет эл инвестициялари ва маҳаллий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида махсус ажратилган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудуд.
Эркин иқтисодий зона — янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга фаол жалб этиш, шунингдек ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилмани ва логистика хизматларини ривожлантиришни таъминлаш мақсадларида ташкил этиладиган ҳудуд.
Махсус иқтисодий зоналар бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектлари, маъмурий-ҳудудий тузилмалар ҳудудлари негизида, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ташкил этилади.
Махсус иқтисодий зона ҳудудида жойлашган давлат мулки объектлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколати доирасидаги қарорига кўра махсус иқтисодий зона дирекциясига давлат активларини бошқариш бўйича ваколатли орган билан келишган ҳолда оператив бошқарувга берилиши мумкин, бундан хусусийлаштирилмайдиган стратегик давлат мулки объектлари мустасно.
Давлат мулки объектлари махсус иқтисодий зона дирекциясига махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатадиган бутун давр учун оператив бошқарувга берилади.
Инвестиция буюртманомаси топширилган пайтда эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳалари Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ёки Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш ҳажмлари ички бозорнинг эҳтиёжларини қопламайдиган янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни назарда тутган бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолиятнинг айрим турларига нисбатан тақиқ ва чекловлар жорий этилиши мумкин.
Махсус иқтисодий зонани ташкил этиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар.
Махсус иқтисодий зона қайси муддатга тузилган бўлса, ўша муддат тамом бўлгач, тугатилган ҳисобланади.