Республика олий таълим муассасаларига ажратилган қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида олий маълумот олиш истагида бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг танловда иштирок этиши учун тавсиянома қуйидаги мезонлар асосида берилади:
- кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар. Бунда кам таъминланган оила деганда, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила тушунилади;
- тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
- турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
- ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
- 2 ва ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
- ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.
Тавсиянома юқоридаги мезонларга мос келган эҳтиёжманд оилалардаги барча талабгор хотин-қизларга берилади.
Тавсиянома олиш учун талабгор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича яшаш жойидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларига электрон шаклда мурожаат қилади.
Тавсиянома ажратилган қўшимча 4 фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг абитуриент сифатида рўйхатдан ўтишида танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари ишчи гуруҳи билан биргаликда ажратилган қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсиянома олиш мақсадида мурожаат этган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг ҳужжатларини ҳар йили 30 майдан 8 июнга қадар қабул қилади.
Тавсияномага эга бўлган абитуриентларни қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида ўқишга қабул қилиш кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижаларига мувофиқ қабул қилинади.
Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган тавсияномага эга бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида талабаликка тавсия этилади.