Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар — оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар.

Арзон уй-жойлар — Дастурлар доирасида қўшимча муҳандислик ва ижтимоий инфратузилма билан комплекс ҳолда қурилган кўп қаватли кўп хонадонли (2 ва 3 хонали) ва майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли (2 ва 3 хонали) уйлар.

Кам таъминланган оила — «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оила.

Арзон уй-жойлар имтиёзли ипотека кредити асосида ҳар йили қуйидаги тартибда ажратилади:
  • I тоифага кирадиган туманларда — биттадан кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали) ва бештагача ҳовлидаги иморатлари билан 0,02 гектарли ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 3 хонали (ёнма-ён қуриладиган) арзон уйлардан;
  • II тоифага кирадиган туманларда — иккитадан кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали) ва саккизтагача ҳовлидаги иморатлари билан 0,02 гектарли ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 3 хонали (ёнма-ён қуриладиган) арзон уйлардан;
  • I тоифага кирадиган шаҳарларда ҳамда Тошкент шаҳрининг туманларида — олтитагача кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали);
  • II тоифага кирадиган шаҳарларда — ўнтагача кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали);
  • 0,02 гектарли ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 3 хонали (ёнма-ён қуриладиган) арзон уйлар қурилмаган туман (шаҳар)ларда уларнинг ўрнига кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан (2-3 хонали);
  • кўп қаватли уйлар (2-3 хонали) қурилмаган туман (шаҳар)ларда уларнинг ўрнига 0,02 гектарли ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 3 хонали (ёнма-ён қуриладиган) арзон уйлардан.

Ариза берувчи талабгор сифатида ёзма тавсияни олиш учун Комиссия раисига доимий яшаш жойи бўйича белгиланган шакл бўйича сўровнома-ариза ва ҳужжатларни тақдим этади.

Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш мезонлари:
  • ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги ва турар-жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши;
  • бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши;
  • кўп болалилик;
  • ариза берувчи оиласининг даромади;
  • ижтимоий хусусиятига кўра алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор аёллар (туман тиббиёт бирлашмасининг хулосаси асосида);
  • ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;
  • ариза берувчи уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв. метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлиги бўлган шахслар учун 23 кв. метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги;
  • биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар;
  • ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган бола парваришлаётган аёллар (туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими маълумотномаси ва тиббиёт бирлашмаси хулосаси асосида).

  • Аризани кўриб чиқиш ва уй-жой шароитларини ўрганиш натижалари бўйича Комиссия ариза кўриб чиқилгандан сўнг 1 иш куни мобайнида ариза берувчига кейинчалик инжиниринг компаниясининг филиалларига тақдим этиш учун ёзма тавсия беради.
  • Агар ёзма тавсия бериш рад этилганда, Комиссия рад этишнинг аниқ сабабларини ва ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда ариза берувчига 1 иш куни мобайнида ёзма шаклда хабарнома юборади.

Ипотека кредитини олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар:
  • ёзма тавсия;
  • кредит олишнинг мақсади, таъминланганлиги, кредит муддати ва суммаси кўрсатилган ҳолда ипотека кредити олишга буюртманома;
  • талабгор (биргаликда қарз олувчи) нинг паспорти нусхаси;
  • талабгор (биргаликда қарз олувчи) нинг молиявий аҳволини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • дастлабки бадал жамғарма омонат ҳисоб рақамига жойлаштирилганлиги тўғрисидаги маълумотнома;
  • инжиниринг компаниясининг филиали билан тузилган дастлабки шартноманинг нусхаси.