Деҳқон хўжалиги - оилавий майда товар хўжалиги бўлиб, оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиради ва реализация қилади.
- Деҳқон хўжалигидаги фаолият тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ҳамда деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ва юридик шахс ташкил этмасдан амалга оширилиши мумкин.
- Бугунги кунда амалиётда қўлланилаётган “деҳқон хўжалиги” ҳамда “шахсий томорқа ер эгалари” тушунчаларининг маънолари бир хил бўлиб, улар томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланадилар.
- Деҳқон хўжаликлари ҳамда шахсий томорқа ер эгаларига ҳуқуқий, агротехнология, маҳсулот сотиш йўналишларида маслаҳат бериш, тегишли ёрдам кўрсатиш масалалари билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва шахсий томорқа ер эгалари кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмалари шуғулланади.