Ўзбекистон давлат чегараларини кесиб ўтишнинг умумий  тартиби - давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари ва товарларини ўтказиш тартибини, ушбу жараёнда божхона, санитар-карантин, фитосанитар ва ветеринария назоратдан ўтиш, шунингдек, ҳужжатни тақдим этиш ва расмийлаштириш тартибини белгилаб беради.


Давлат чегараси орқали ўтувчи барча шахслар, транспорт воситалари ва товарлар қуйидаги назоратдан ўтишлари лозим:

чегара (паспорт) назорати
  • чегара назорати — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг чегара назорати бўлинмалари томонидан Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, Давлат чегарасини ва ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Давлат чегараси орқали шахслар ва транспорт воситаларига, шунингдек, божхона органлари бўлмаган ўтказиш пунктларида эса товарларга нисбатан ўтказиш пунктларида амалга ошириладиган комплекс тадбирлар.

божхона назорати
  • божхона назорати — Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро шартномаларига риоя этилишини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари томонидан, жумладан, хавфни бошқариш тизимидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган чора-тадбирлар.

санитар-карантин назорати
  • санитария-карантин назорати — ўтказиш пунктларида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан Давлат чегараси орқали келган шахслар, транспорт воситалари ва товарларга нисбатан амалга ошириладиган комплекс тадбирлар.

фитосанитар назорати
  • фитосанитария назорати — ўтказиш пунктида карантин остидаги маҳсулот ва Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотларини текширишда ўсимликлар карантини бўйича давлат инспектори томонидан амалга ошириладиган комплекс тадбирлар.

ветеринария назорати
  • Ветеринария назорати - одамлар ва ҳайвонлар ҳаёти ҳамда саломатлигини ҳимоя қилиш, ҳайвонлар касалликларининг ташувчилари бўлиши мумкин предметлар ва товарларни, шунингдек ҳайвонларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишидан муҳофаза қилишни таъминлаш учун чегара назорати ветеринария пунктлари томонидан ҳайвонлар ҳамда улардан олинадиган маҳсулотларга нисбатан амалга ошириладиган комплекс тадбирлар.


 

  • Ўтказиш давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқига эга ҳақиқий ҳужжат билан амалга оширилади.
  • Ўтказиш тўғрисидаги якуний қарор чегара назорати бўлинмалари томонидан ўтказиш бўлимларидаги барча юқорида кўрсатилган назорат кўринишларидан ўтганидан сўнг қабул қилинади.

Давлат чегарасига орқали қуйидагилар навбатсиз ўтказилади
  • Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларга мувофиқ муайян имтиёзларга эга шахслар, оғир беморлар, ҳомиладор ва ногирон шахслар, 7 ёшгача бўлган болалар, уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар ва улар кетаётган автотранспорт воситалари;
  • халқаро йўналишларда йўловчиларни мунтазам ташийдиган транспорт воситалари;
  • тирик ҳайвонлар, тез бузиладиган товарлар, радиоактив материаллар, оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва бошқа материаллар;
  • табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар оқибатларини бартараф этишда зарур бўлган ва инсонпарварлик ёрдами сифатида юбориладиган товарлар, шунингдек, ушбу товарлар олиб ўтиладиган транспорт воситалари;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ёзма топшириғига мувофиқ шахслар, транспорт воситалари ва товарлар;
  • Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига юбориладиган товарлар;
  • Ўзбекистон Республикасининг олий қонунчилик, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларига юбориладиган товарлар.

Ўтказиш пунктида қуйидагилар тақиқланади
  • чегара назорати бўлинмаси раҳбари ва (ёки) божхона органи бошлиғининг рухсатисиз фото ва видеога суратга олиш;
  • давлат назорати органларининг назорат тартиб-таомилларини ташкил этишига халақит берса, мобиль ва бошқа воситалардан фойдаланиш;
  • давлат назорати органлари ходимларини назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича белгиланган тартибни бузишга мажбур қиладиган ҳаракатларни содир этиш, шу жумладан, уларга бирон-бир моддий қимматликларни таклиф этиш;
  • давлат назорати органларининг қонуний талабларини бажармасликка, ҳар қандай кўринишда омма олдида даъват этиш, оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида атайин сохта уйдирмалар тарқатиш йўли билан давлат назорати органларининг ўз қонуний фаолиятини амалга оширишига қаршилик кўрсатиш, шунингдек, давлат назорати органларининг ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмаслик;
  • ўтказиш пункти ҳудудига ёки унинг хизмат хоналарига белгиланган тартибни бузган ҳолда кириш;
  • ўтказиш пункти ҳудудига тегишли рухсатларсиз қурол-яроғ, портловчи моддалар ва атрофдагилар ҳаёти ёки саломатлигига хавф туғдирадиган бошқа предметлар (моддалар) олиб кириш (олиб ўтиш).