- Дори воситалари — касаллик профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва даволаш, шунингдек одам организми ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори моддалари (субстанциялар) ва ёрдамчи моддалар асосида олинган воситалар, дори моддалари (субстанциялар), дори препаратлари.
- Дори препаратлари — дозаланган, идишга жойланган-ўралган, қўлланиш учун тайёр дори воситалари.
- Сифатсиз дори воситаси ва тиббий буюм — яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) яроқлилик муддати ўтган дори воситаси ва тиббий буюм.
- Тиббий буюмлар — касаллик профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва даволаш учун, шунингдек одам организми ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган буюм.
- Фармацевтика фаолияти — дори воситалари ва тиббий буюмлар яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, уларнинг сифатини назорат қилиш ҳамда реализация қилишни қамраб оладиган фаолият.
- Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхалари — интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда муомалага киритилган дори воситалари;
- Қалбакилаштирилган дори воситаси ва тиббий буюм — таркиби ёки хусусияти тўғрисида ёхуд ишлаб чиқарувчиси ҳақида ёлғон ахборот илова қилинган дори воситаси ва тиббий буюм;
- Мувофиқлик сертификати — сертификатланган маҳсулотнинг талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун сертификатлаштириш тизими қоидаларига биноан берилган ҳужжат:
- Бирламчи ўрам — дори воситаси билан бевосита алоқада бўлган контейнер ёки ўрам.
Дори воситалари ва тиббий буюмни чакана реализация қилиш фақат дорихона ва дорихоналарнинг филиалларида амалга оширилади.
Дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан ташқарида сотиш тақиқланади.
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ёки дорихоналар тайёрлаган дори воситаларни ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишга рухсат берилади.
Электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилишда уларни сақлаш ва етказиб бериш тартиби ҳамда талабларига қатъий риоя қилиш шарт.
Четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20% ортиқ бўлмаган миқдорда чекланган савдо устамалари қўллаган ҳолда сотилади.
Четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ижтимоий дорихоналар томонидан етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, харид қилиш нархи ёки улгуржи нархнинг 10% ортиқ бўлмаган чекланган савдо устамаси кўллаган ҳолда чакана сотилади.
Сертификатланиши лозим бўлган дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз чакана реализация қилиш тақиқланади.
Сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.
Дорихоналар дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган барча ҳолатлар тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Дорихоналар фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия рақами, амал қилиш муддати, лицензия берган орган тўғрисидаги маълумотларни ёки лицензия нусхасини истеъмолчилар танишиши учун қулай бўлган жойга жойлаштиради.
Дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрлашни лицензияга эга бўлган дорихона амалга оширади.
Дори воситалари дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўлланилишига рухсат этган дори моддаларидан (субстанциялардан) тайёрланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган тайёрлашга рухсат этилган дори воситалари рўйхатига киритилмаган дори воситаларини тайёрлаш тақиқланади.
Дорихоналарнинг кириш қисмида дорихонанинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган манзили ва иш тартиби ҳақида маълумотлар кўрсатилган пешлавҳа бўлиши керак.
Барча дорихоналар дори воситалари ва тиббий буюмларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рўйхатга мувофиқ сотиши шарт.
Ижтимоий дорихоналар Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларнинг тасдиқланган рўйхатини давлат ва рус тилларида
12 шрифтдан кам бўлмаган ўлчамда кўринадиган жойга осиб қўйиши шарт.
Сотиб олувчига идентификация маълумотлари (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори), дори воситалари ёки тиббиёт буюмларининг номи, уларни берувчи шахсга оид маълумотлар, бериш санаси ва нархи кўрсатилган товар чеки берилади.
Дорихоналар санитария ва гигиена ашёларини, шифобахш озиқлантириш маҳсулотларини, маъданли сувларни, шунингдек даволаш-косметика маҳсулотларини, биологик фаол қўшимчаларни реализация қилиш учун рухсатнома бўлиши шарт.
Дорихонада барча дори воситалари ва тиббий буюмлар нархи кўрсатилган ҳолда ҳамда дорихона жавобгар шахсининг имзоси билан сотувга қўйилади.
Дорихона сотув зали пештахтасига фақат шифокор рецептисиз бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар қўйилади.
Шифокор рецептлари асосида бериладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини дорихона пештахтасига қўйиш тақиқланади.
Дори воситаларини чакана реализация қилиш шакли ва қоидалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рецептлар ёки рецептсиз сотиладиган дори воситалари рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.
Дори воситаси ва тиббий буюмни сотишда сотувчи ходим дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш тартиби, хусусан, қўллаш даврийлиги, бир маротабалик ва суткалик дозалари, қўллаш усули, сақлаш тартиби, яроқлилик муддати ва бошқалар ҳақида маълумот бериши лозим.
Дорихона ходими сотиб олувчи эътиборини дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш йўриқномаси билан диққат билан танишиб чиқишга қаратиши керак.
Дорихона ходими дори воситасини сотиб олувчига зарур маълумотлар бериши керак. Сотиб олувчи талабига кўра дори воситаси ва тиббий буюм нархи ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши лозим.
Дори воситасини доналаб сотишга рухсат этилади. Бунда жойлаш-ўраш материалида дори воситаси номи, серияси, яроқлилик муддати ва ишлаб чиқарувчиси кўрсатилиши керак.
Дори воситасини бирламчи ўрами бузилган ҳолда бериш тақиқланади.
Дори воситасини бериш нормаси шифокор рецептига мувофиқ белгиланади.
Шифокор берган рецептда дори воситасининг бир маротаба қўлланадиган энг юқори дозасидан кўпроқ доза тайинланганда, дорихона ходими энг юқори дозасининг ярмига тенг дозани бериши шарт.
Амбулаторияда даволанишда имтиёзга эга шахслар айрим тоифаларини дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш дори воситаларини амбулатория-поликлиника муассасалари орқали ёхуд дорихоналар орқали амалга оширилади.
Шахсларнинг айрим тоифаларига имтиёзли дори воситалари барча дорихоналарда берилади.
Фавқулодда ҳолатларда, беморнинг яшаш жойидан жўнаб кетиши, дорихонага мунтазам қатнаш имкони бўлмаганда дори воситаларини рецепт бўйича 2 ой давомида қўллаш учун зарур миқдорда берилади.
Дори воситалари узоқ вақт амал қилувчи рецепт асосида қисман берилганда рецепт орқа томонига дори воситаси миқдори ва берилган сана кўрсатилиб, беморга қайтариб берилади.
Беморнинг дорихонага навбатдаги мурожаатида дори воситаси олдин олинганлиги ҳақидаги белгилар ҳисобга олинади.
Дори воситаси рецептда назарда тутилган миқдорда олинганда унга “Рецепт ҳақиқий эмас” деган штамп босилади ва дорихонада қолдирилади.
Дори воситаларини рецептларини сақлаш муддатлари: Сақлаш муддати тугаганидан сўнг, рецептлар йўқ қилиш далолатнома тегишли расмийлаштирилиши билан йўқ қилинади. Шахсларнинг айрим тоифаларини дори воситалари билан рецепт асосида имтиёзли таъминлаш харажатларини соғлиқни сақлаш муассасалари шартномага мувофиқ дорихона ҳисобига ўтказади. Дорихонадан реализация қилинган дори воситаси ва тиббий буюм қайтариб олинмайди ҳамда алмаштирилмайди.