Махсус мактаб алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болаларга (тарбияси оғир болалар) таълим беришни, уларнинг касб-ҳунар тайёргарлиги ва ижтимоий-педагогик реабилитациясини амалга оширувчи ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаси ҳисобланади. Махсус мактаб ўғил болалар учун алоҳида, қиз болалар учун алоҳида ташкил этилади.
Махсус мактабга жойлаштириш
Махсус мактабга 11 ёшдан 16 ёшгача (умумий ўрта маълумот олишни тугалламаган) вояга етмаганлар қуйидаги ҳолларда жойлаштирилиши мумкин, агар улар:
- ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган бўлса;
- мунтазам равишда ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилаётган бўлса.
Суд ажрими махсус мактабга жойлаштириш учун асос ҳисобланади.
Махсус мактабнинг гуруҳ ва синфидаги болалар сони 25 нафардан ошмаслиги лозим.
Ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ҳеч бир чекловсиз тарбияланувчилардан хабар олиш, махсус мактабнинг ўқув-тарбиявий фаолияти, болаларининг ижтимоий-педагогик реабилитацияси жараёни билан танишиш ҳуқуқига эга.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар
Тарбияси оғир ҳар бир бола болалар учун ички ишлар органлари шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштиради.
Вояга етмаганнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлади:
- жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг вояга етмаганни ихтисослаштирилган мактабга жойлаштириш ҳақидаги ажрими;
- туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома;
- маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар (мавжуд бўлса);
- ўқиш жойидан маълумотнома ва тавсифнома;
- яшаш жойидан маълумотнома ва тавсифнома;
- вояга етмаганнинг яшаш ва тарбияланиш шароитларини текшириш далолатномаси;
- тегишли маълумотномалар билан бирга тиббий карта;
- соғлиқни сақлаш муассасасининг вояга етмаган шахснинг соғлиғи ва уни ихтисослаштирилган мактабга жойлаштириш мумкинлиги тўғрисидаги хулосаси.
Махсус мактабда бўлиш муддати
- Махсус мактабда тарбияланувчилар 16 ёшга тўлгунларига қадар сақланиши мумкин.
- Истисно ҳолларда тарбияланувчиларнинг ихтисослаштирилган мактабда бўлиши улар 17 ёшга тўлгунларига қадар узайтирилиши мумкин.
- Тарбияланувчининг махсус мактабда бўлиши вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссиясининг қарорига кўра тўхтатилади, бу ҳақда тарбияланувчи камида бир ой олдин хабардор қилинади.
- Тарбияланувчи махсус мактабдан чиқарилган тақдирда у тарбияланиши ва таълим олиши даврида фойдаланган кийим-бош ва пойабзал комплекти бепул берилади.
- Махсус мактабдан чиқарилаётган вақтда, якуний давлат аттестатсиясидан ўтган тарбияланувчиларга белгиланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатлар берилади.
- Таълимни якунламаган тарбияланувчиларга белгиланган намунадаги маълумотнома берилади.
- 16 ёшгача бўлган тарбияланувчилар махсус мактабдан чиқарилаётган вақтда доимий яшаш жойларига махсус мактаб ходимлари ёки ота-онаси кузатувида юбориладилар.
Махсус мактабда таълим-тарбия жараёни
Махсус мактабда қуйидагилар махсус шарт-шароитлар таъминланади:
- махсус мактаб ҳудудини қўриқлаш;
- тарбияланувчиларнинг шахсий хавфсизлигини ва салбий таъсирлардан юқори даражада ҳимоя қилиш;
- махсус мактаб ҳудудига бегона шахсларнинг эркин киришини чеклаш;
- махсус мактабда тарбияланаётганларнинг унинг ҳудудидан эркин чиқишини чеклаш;
- тарбияланувчиларни кеча-кундуз, шу жумладан уйқу учун ажратилган вақт давомида назорат қилиш;
- тарбияланувчиларни шахсий текширувдан ўтказиш, уларнинг буюмларини, шунингдек улар олаётган ва юбораётган посилка ва бошқа почта жўнатмаларини текширувдан ўтказиш.
Махсус мактабда таълим бериш
- Махсус мактабда таълим бериш умумий ўрта таълим ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида олиб борилади, таътиллар, аттестация, таълим тўғрисидаги ҳужжатлар умумий асосларда берилади.
- Тарбия, таълим, меҳнат ва дам олишнинг асосланган ҳолда уйғунлаштирилишини таъминловчи кун тартиби тарбияланувчиларнинг махсус мактабда бўлиш муддатлари давомийлигини ҳисобга олган ҳолда тузилади.
Тарбияланувчилар ҳуқуқлари
- ота-онасини махсус мактабга олиб келинганлиги ёки жойлаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилиш;
- вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларга, прокуратура органларига ёки судга шикоят қилиш;
- одамнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмайдиган инсоний муомалада бўлиш;
- чекланмаган миқдорда телефонда сўзлашувлар, бошқа алоқа воситалари орқали мулоқотлар ҳамда учрашувлар воситасида оиласи билан алоқада бўлиш, посилкалар, бандероллар, йўқловлар олиш, хат ва телеграммалар олиш ҳамда жўнатиш;
- тасдиқланган нормалар бўйича бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмларини олиш.
Тарбияланувчиларнинг мажбуриятлари
Тарбияланувчининг махсус мактаб ҳудудидан ташқарига чиқиши мактаб раҳбариятининг ёзма рухсатномасига кўра фақат мактаб ходимлари ёхуд ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар кузатувида амалга оширилиши мумкин.
Тарбияланувчи махсус мактабни ўзбошимчалик билан тарк этган тақдирда маъмурият бу ҳақда ота-онасини ва мазкур мактаб жойлашган жойдаги ва тарбияланувчининг яшаш жойидаги ёки турган жойидаги ички ишлар органларини хабардор қилади ҳамда ички ишлар органлари билан биргаликда уни топиш ва махсус мактабга қайтариш чора-тадбирларини кўради.
Ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар содир этган тарбияланувчиларга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:
- огоҳлантириш;
- ҳайфсан эълон қилиш;
- тарбияланувчилар мажлисида, махсус мактаб педагогик кенгашида муҳокама қилиш;
- дам олиш ва байрам кунларида, таътил вақтида махсус мактаб ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш;
- ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларга қоидабузарлик ҳақида хабар қилиш.
Тарбияланувчиларга нисбатан:
- жисмоний ва руҳий таъсир кўрсатиш усулларини, одамнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган таъсир чораларини қўллашга;
- тарбияланувчиларни ота-онаси билан алоқаларини чеклаш ёки тақиқлашга;
- овқатланиш меъёрларини камайтиришга, тарбияланувчиларни сайр қилишдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди.
Рағбатлантириш
Таълим олишдаги ютуқлари, жамоат ишларидаги фаол иштироки учун махсус мактаб тарбияланувчилари учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари белгиланади:
- ташаккурнома эълон қилиш;
- фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совға билан тақдирлаш;
- илгари қўлланилган жазони бекор қилиш;
- ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахсларга намунали хулқ-атвори ва таълим олишдаги ютуқлари ҳақида хабар бериш;
- таътил вақтида ота-онаси ёки ота-онаси ўрнини босувчи шахслар ҳузурига юбориш;
- махсус мактаб ходимлари кузатувида мактаб ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқини бериш.