Жисмоиний шахслар ҳисоб-китоб ва банк хизматларини кўрсатиш учун банкни мустақил танлаш ҳамда бир ёки бир нечта банкларда миллий ва чет эл валютасида ҳисобварақлар очиш ҳуқуқига эга.
- Миллий ёки чет эл валютасида ҳисобварақ очиш учун ариза ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат шахсан мижоз томонидан банкка топширилади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси олиб қолиниб, асли қайтарилади.
- Банкда ҳисобварақ очиш учун шартнома тузилади. Банк ҳисобварағи шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Шартноманинг бир нусхаси мижозга берилади.
- Шартнома тузиш учун керакли ҳужжатларни банкка тақдим қилган ҳолда шартнома тузилгандан кейин банк 1 иш куни ичида ҳисобварақ очиб бериши лозим.
- Ҳисобварақ очганлик учун тўлов ундирилмайди.
Фуқаролар банкларда қуйидаги турдаги ҳисобварақлар очишлари мумкин:
- Жамғарма депозит ҳисобварағи - Мижозларнинг даврий бадаллари асосида шаклланиб, муайян мақсадни амалга ошириш учун жамғариладиган ва шу мақсад учун йўналтириладиган ёхуд шартнома бекор қилиниши натижасида қайтариладиган маблағлар ҳисоби юритиладиган ҳисобварақ. Жамғарма депозит ҳисобварақда сақланадиган маблағлар учун банк ва мижоз ўртасида тузиладиган шартномада назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланади.
- Муддатли депозит ҳисобварағи - Шартномада қатъий келишилган муддатга қўйилган мижозларнинг маблағлари ҳисоби юритиладиган ҳисобварақ. Банкда фоиз эвазига пуллар муддатли омонатга қўйилганда, мазкур ҳисобварақ очилади.
- Ссуда ҳисобварағи - Белгиланган тартибда мижозларга берилган кредитларнинг ҳисоби юритиладиган ҳисобварақ.
- Талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи - Мижозларнинг биринчи талаби биланоқ бериладиган ёки ўтказиб бериладиган маблағларнинг ҳисоби юритиладиган ҳисобварақ. Одатда ойлик иш ҳақи кўчириб бериладиган пластик карточкалар учун талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварағи очилади.
Банклар филиаллари ҳақидаги маълумот билан ҳаволада танишинг.